Аҳмадийнажод ўз армиясига ишонади

Президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳеч бир давлат Эронга ҳужум қилишга журъат эта олмаслигини маълум қилди.

Эрон телевидениеси орқали намойиш этилган мурожаатда Маҳмуд Аҳмадийнажод “мамлакат қўшинлари ҳужум қилишга журъат этган ҳар бир шахс қўлини кесиб ташлайди”,дея таъкидлади. Эрон раҳбари, шунингдек, АҚШ бошчилигидаги халқаро кучларнинг Ироқ ва Афғонистондан чиқарилишини ҳам талаб қилди.

АҚШ ва Исроил ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эронга нисбатан ҳарбий чора қўллаш мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаëтир. Бу давлатлар Эронни ядровий қуролга эгалик қилишга уринаётганликда айблаб келмоқда.

Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг бугун Нью Йоркка сафар қилиши ва БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаши кутилмоқда.