Медведев Обама билан учрашди

Россия президенти Дмитрий Медведев чоршанба куни Нью Йоркда АҚШ президенти Барак Обама билан учрашди.

Дмитрий Медведев америкалик ҳамкасби билан учрашувда ядровий қуроллар сонини қисқартириш масаласини муҳокама қилганини билдирди.

- Россия-АҚШ муносабатларидаги янги бошланиш даврининг муҳим элементи ўлароқ ядровий қуроллар сонини қисқартириш уринишларини давом эттирамиз. Июн ойида биз президент Барак Обама билан тегишли ҳужжатларни имзолаган эдик. Бундан ташқари муайян ҳуқуқий мажбурият юкловчи янги шартнома ишлаб чиқиш мандатини сўзлашув гуруҳи зиммасига юклаганмиз. Ушбу шартнома эса декабр ойида амал қилиш муддати тугайдиган СТАРТ битими ўрнини эгаллайди, деди Россия президенти.

Эрон масаласида гапира туриб қудратли давлатларнинг ядровий қурол масаласида тўғри қарор қабул қилиши учун Эронга имтиëзлар таклиф қилишини таъкидлаган Дмитрий Медведев¸ Теҳрон ядровий қуролга эгалик қилмаслиги лозим, деган фикрни билдирди.

-Айрим вазиятда эса Эронга нисбатан санкцияларнинг жорий этилиши муқаррардир, дея қўшимча қилди Россия президенти.

Барак Обама ўз навбатида Эрон ўз ядровий дастури атрофидаги бўҳронни ҳал этишдан бош тортса, бу давлатга нисбатан жиддий санкциялар жорий этилиши лозимлигини таъкидлади.