Россия империяси манзаралари

Сергей Михайлович Прокудин-Горский Кавказ тоғларидаги дарë бўйида. - 20-аср бошида сураткаш Прокудин-Горскийнинг Россия империяси манзарасини суратларга кўчириш ғояси император Николай II тарафидан қўллаб-қувватланди.

Кавказ тоғлари жанубидаги Муган чўлларидан қўним топган этник руслар. - 1907 йилдан 1915 йил оралиғида Прокудин-Горский атрофига қалин парда тортилган кажавали арава билан Россия империяси бўйлаб сафар қилиб¸ империянинг маданий турфалигини суратларда акс эттиришга уринди. Бу суратда акс этган этник руслар чор империясининг рус миллатига мансуб аҳолини Кавказ ва Узоқ Шарққа кўчиб бориб¸ бу минтақаларни руслаштириш сиëсатини амалга оширишга хизмат қилганлардандир.

Бугунга келиб Россия таркибидаги Доғистон республикасига айланган ҳудудда яшовчи эр-хотин Горский линзаси олдида. - Прокудин-Горский рангли суратга олиш жараëнини ихтиро қилди ва ўз ихтироси билан Россия мактаб болаларини маърифатлироқ қилишга умид қилди.

Бухоро амири Олимхон 1911 йили Арк ичкарисида Горский фотоаппарати олдида туриб берди. - Сураткаш аксини муҳрлаган Бухоро амири 1920 йили Бухоро жумҳурияти ташкил этилгач¸ қўшни Афғонистонга қочиб кетди ва 1944 йили Амударëнинг нариги соҳилида вафот этди.

Уралдаги Златуст саноат шаҳарчасидаги заводчи бой Калганов ўғли ва невараси билан. - Суратга тушган заводчи ота анъанавий рус либосида бўлса¸ унинг қурол-аслаҳа заводида ишловчи ўғли ва невараси либосларида янги авлоднинг ғарблашаëтгани ўз муҳрини топган.

Прокудин-Горский ўз ҳамсафарлари билан 1915 йили Онега кўли бўйлаб Мурманск темир йўлида сафар қилмоқда. - Прокудин-Горский темир йўл кўприклари¸ локомотивлар¸ баржалар¸ буғда ишловчи кемалар ва каналларни суратга олиш орқали Россия империясидаги технологик прогресс ва улкан империяни боғлашда транспорт тизимининг муҳим ролини алоҳида таъкидлашга уринди.

Буғдой ëхуд пахта тўлатилган қоплар ортилган туя ва унинг туркман сарбони. - Темир йўллар тизими минтақага кириб келгунга қадар туялар карвони Марказий Осиëда озиқ-овқат¸ хом-ашë ва саноат моллари ташишнинг ягона воситаси бўлиб келган.

Екатеринбург ва Челябинск оралиғидаги Касли чўян қуйиш заводида 1910 йилда 3000 дан ошиқ одам ишлаган. - 1-жаҳон уруши арафасида Ғарбий Европадан кела бошлаган ташқи сармоя ва янги технологиялар асосида Россияда саноат тез ривожлана бошлади. Прокудин-Горский ўз суратларида империянинг тўқимачилик ва кимë заводларидан тортиб пахта¸ чой ва буғдой теримига қадар акс эттирди.

Ока дарëсида қурилаëтган тўғон қурувчи ва муҳандислари дам олиш чоғида. - Прокудин-Горский ўз суратларида Россия империяси қудратининг турли жабҳаларга сочилган манзараларини жамлашга уринди.

Самарқандлик тожик чол¸ ҳозиргина ушлагани қуш билан сураткаш қаршисида. - Россия империясининг асосан руслар яшовчи марказий ҳудудларида саноат ривожланиб бораëтган айни маҳалда¸ империянинг чекка ўлкалари бу жараëндан четда қолишда давом этди.

Туркистонча зиндон - чор армияси либосини кийган қўриқчи ва зиндонбандлар. - Прокудин-Горский сафар қилган Бухоро амирлигида зиндон амир Олимхоннинг кўшки бўлмиш Аркда жойлашган ва Амир Аркка кирганда ҳам¸ чиққанда ҳам зиндонбандлар олдидан ўтгич эди.

Москва шимол-ғарбидаги Твер губернясидаги Селигер кўли оролчасида жойлашган Нилов монастири. - Сураткаш аксини олган черковлар¸ монастир¸ масжид ва мадрасаларнинг аксари жаҳон урушлари ва совет империясидан омон чиқа олмади.Нилов монастири совет даврида дунëвий мақсадлар учун ишлатиб келинди¸ бироқ 1990 йили у Россия Православ черкови ихтиëрига қайтарилди ва ҳозирда яна диний жамоага хизмат қилмоқда.

Самарқанддаги яҳудий болалари ўз ўқитувчиси билан дарс чоғида. - 20-аср бошидаги Самарқанд Прокудин-Горскийни ҳам маданиятлар¸ тил ва удумлар ранг-баранглиги билан ўзига ром қилган ва у ўз суратларида ўзбек¸ тожик ва яҳудийлар ҳаëтининг ëрқин жиҳатларини акс эттиришга уринди.

Анъанавий либос кийган саҳройи ўзбек қиз ўз юртаси олдида. - Прокудин-Горский улуғворлигини ўз суратларда акс эттирган Россия империяси қулаганидан сўнг¸ 1918 йили Норвегияга чиқиб кетди. 1948 йили унинг Россия империяси манзаралари акс этган суратларининг оригинал шиша негативларини АҚШ Конгресси кутубхонаси Горский меросхўрларидан сотиб олди.

Шексна дарëси бўйидаги қишлоқлардан бирида яшовчи ëш аëллар ўз избаси олдида. - Мазкур суратлар АҚШ Конгресси кутубхонасидан олинди ва уларга муаллифлик ҳуқуқи ҳам Конгресс кутубхонасига тегишли.