Исроилда собиқ Бош вазир қора курсига ўтирди

Бугун Исроилда мамлакат собиқ Бош вазири Эҳуд Олмерт устидан маҳкама жараёни бошланди.

Порахўрликда айбланаётган собиқ Бош вазир бегуноҳлигини исботлашга ваъда берди:

- Вазият мен учун бир оз мушкул. Сўнгги уч йил давомида мен бир нечта ғайриинсоний терговлару, бўҳтонларни ўз бошимдан кечирдим. Очиғини айтганда¸ бу нарса менга қимматга тушди. Эндиликда исбот далилларни ўртага ташлаш фурсати келди. Мен бу ерга бегуноҳ бўлиб келдим, ишончим комил, маҳкамани бегуноҳ бўлиб тарк қиламан, деди Эҳуд Олмерт.

Эҳуд Олмерт Бош вазирликка сайланишидан аввал АҚШ тадбиркоридан катта миқдорда пул олганлик ва хориж сафарлари давомида қилинган харажатларни ошириб кўрсатганликда айбланмоқда.

Мазкур айбловлар юзасидан бўлаётган босим туфайли Олмерт сентябр ойида истеъфога чиқишини эълон қилди ва муддатидан аввал ўтказилган сайлов натижасида унинг ўрнини Бенямин Нетанаяҳу эгаллади.