Эрон ўз ракеталарини синовдан ўтказди

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси “Сежил” деб номланган узоқ масофага парвоз қиладиган ракетани синовдан ўтказди.

Бу ҳақда Форс ҳамда Пресс ТВ канали хабар тарқатди.

Шанба куни бошланган кенг кўламли ҳарбий амалиётлар доирасида, Эрон қўшинлари, шунингдек, 2000 кмгача уча оладиган “Шаҳоб 3” русумдаги ракеталарни ҳам синовдан ўтказди.

Бундан бир оз аввал расмийлар 300 ва 700 кмгача уча оладиган “Шаҳоб 1” ва “Шаҳоб 2” ракеталарини муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилди.

Бундан ташқари Ислом инқилоби посбонлари корпуси бугунги амалиётлар чоғида қисқа масофага павроз қиладиган бир нечта ракеталарни синовдан ўтказди.

Генерал Ҳусайн Саламий ўтказилаётган ҳарбий машқлардан мақсад Эроннинг ҳар қандай ташқи ҳужумларни бартараф эта олишини намойиш қилишдан иборат эканини маълум қилди.