Теҳрон билан сўзлашувлар давом этади

Европа Иттифоқига раислик қилаётган Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт Эронда ўтказилган ракета синовлари Теҳрон билан режалаштирилган ядровий дастур борасидаги сўзлашувларга таъсир қилмаслигига ишонч билдирди.

Ўтган ҳафта охирида Эрон узоқ масофага учувчи икки русумдаги ракетани муваффақиятли синовдан ўтказгани ҳақида эълон қилди. Ғарб давлатлари ракеталар синовини кескин қоралаб чиқди. Эроннинг ушбу ракеталари Исроил ва АҚШ нинг Форс кўрфазидаги ҳарбий базаларига зарба беришга қодир.

Пайшанба куни Эрон расмийлари ва БМТ хавфсизлик кенгаши вакиллари Женевада учрашиб, Эроннинг мунозарали ядровий дастурларини муҳокама этиши режалаштирилган.

Ўтган ҳафта Эрон иккинчи уран тўйинтирувчи заводини қураётгани ҳақида эълон қилиб, Ғарб давлатларини янада хавотирга солди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сўнгги ракеталар синовини хавотирли деб атади, бироқ томонларни босиқ бўлишга чақирди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Эрон атрофида таранглашиб бораётган вазиятни юмшатишга чақирди.

Эрон Атом энергияси агентлиги раҳбари Али Акбар Солеҳий яқин фурсат ичида Халқаро атом энергияси агентлиги назоратчиларига уранни тўйинтирувчи янги иншоотни бориб кўриш имконияти берилишини айтди.