Имомали Раҳмоннинг қизи вазир ўринбосари бўлди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз қизини Ташқи ишлар вазирининг муовини этиб тайинлади.

Озода Раҳмон бу лавозимга вазирликнинг у икки йилдан бери ишлаб келган Консулликлар бўлими томонидан тавсия қилинди.
Унинг вазир муовини этиб тайинланишига Марказий Осиё давлатларида ҳокимиятни раҳбарлар ўз оиласи қўлида ушлаб қолиш уринишларининг Тожикистондаги ифодаси сифатида қаралмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ҳам Ташқи ишлар вазири муовинидир. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға депутат бўлиб, у отаси етакчилигидаги партияга бирлашиб кетган сиёсий партия етакчиси ҳамдир.

Имомали Раҳмоннинг 7 қизи ва 2 ўғли бор. Катта ўғли Тожикистон Ёшлар иттифоқи раисининг ўринбосари.