Қозоқлар Қуръон сураларини таъқиқлади

Остона шаҳар суди Қуръони каримдаги айрим сураларни экстремистик руҳда, деб топди.

Шундай қилиб Қозоғистон Қуръонни расман таъқиқлаган жаҳонда биринчи давлат бўлди.

Остона шаҳар маҳкамаси 180-сонли қарори билан таниқли қори Мишари ал-Рашид ҳамда Фарис Уббад томонидан ўқилган “Муҳаммад”, “Таборак”, “Қалам”, “Нуҳ”, “Инсон”, “Мурсалат”, “Бақара” ҳамда қатор сураларнинг аудиоёзувларини таъқиқлади.

Қозоғистон Адлия вазирлигига кўра, экстремистик материаллар рўйхати, шунингдек, 200дан зиёд китоб, варақалар, тарихий адабиёт, брошюра ва аудиоёзувлар киритилган.

Маҳкама хулосасида айтилишича, Қуръон сураларини таъқиқлаш тўғрисидаги қарор Қозоғистон Бош прокуратурасининг "ваҳҳобизм", "Ҳизбут-Таҳрир" ғояларини тарғиб қилувчи материалларни эктремистик деб топиш тўғрисидаги аризасига биноан қабул қилинган.