Обама aфғон стратегиясини муҳокама қилмоқчи

Президент Барак Обама Афғонистон ва Покистондаги АҚШ стратегиясини қайта кўриб чиқиш масаласини муҳокама қилгани ўзининг юқори даражадаги маслаҳатчилари билан учрашади.

Чоршанба куни ўтказиладиган учрашув Афғонистондаги урушнинг тўққизинчи йили бошланган кунга тўғри келди.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар Афғонистонда “Барқарор озодлик операцияси”ни бошлаган эди.

Афғонистон истилоси Толибон режимининг ағдарилишига олиб келди ва АҚШ кучлари 11 сентябр воқеалари учун масъул кўрилган Ал-Қоида террор тармоғини йўқ қилишга сафарбар қилинди.

Бугун Оқ уйда ўтказиладиган мажлисда вице президент Жо Байден, давлат котиби Ҳиллари Клинтон, мудофаа вазири Роберт Гейтс ҳамда юқори даражали разведка ва мудофаа расмийларининг қатнашиши кутилмоқда.

Хабарларга кўра, кун тартибида Афғонистонга қўшимча ўн минглаб АҚШ қўшинини юбориш ёки қўшни Покистондаги Ал-Қоида истеҳкомларига ҳужумлар кўламини ошириш каби масалалар бор.