Чехия Лиссабон шартномасини маъқуллайди

Чехия Бош вазири Ян Фишер ўз давлати жорий йил якунига қадар ЕИни ислоҳ қилишни назарда тутган Лиссабон шартномасини ратифакация қилишини маълум қилди.

Бу ҳақда Ян Фишер ЕИнинг юқори мартабали расмийлари, жумладан, Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррузо ва Швеция
Бош вазири Фредрик Реинфелд билан ўтказилган сўзлашувлардан сўнг билдирди.

Расмийларнинг учрашуви Брюсселда ўтказилиши лозим эди, бироқ самолёт билан боғлиқ техник сабабларга кўра Чехия расмийси Прагадан кета олмади ва расмийлар видеоконференция ўтказишга қарор қилдилар.

Ўтган ҳафта Ирландия фуқаролари мамлакатда ўтказилган референдумда Лиссабон шартномасини ёқлаб овоз бердилар.

Бироқ 27 давлатни бирлаштирган ЕИ ичидаги жараёнларни тартибга солувчи ислоҳотларга йўл очиб берадиган Лиссабон шартномасини Польша ва Чехия ҳануз ратификация қилгани йўқ.

Ҳар иккала давлат президентлари мазкур шартномага қарши чиқиб келмоқдалар.