Клаус Лиссабон шартномасини таҳрир қилмоқчи

Чехия президенти Вацлав Клаус Европа Иттифоқида янги ислоҳотларни кўзда тутувчи ҳужжатни ратификация қилишдан бош тортаётган ягона давлат раҳбари бўлиб қолмоқда.

Иттифоқнинг жорий раиси Швеция расмийларига кўра, Клаус Лиссабон шартномасини ратификация қилиш учун унинг остига икки гапдан иборат изоҳ қўшишга оид янги шартни қўймоқда.

Швеция бош вазири Фредерик Рейнфелдт пайшанба куни Клаус билан сўзлашувлардан кейин Чехия раҳбари келишувга “ҳуқуқлар низомига оид изоҳ қўшиш”ини талаб қилаётганини маълум қилди.

Клаус мазкур изоҳ қайси шаклда киритилишини талаб қилаётганига оид тафсилотлар ошкор қилинганича йўқ.

Чехия президенти мамлакат суди келишувга оид сенаторлар топширган ариза бўйича ҳукм чиқарилмагунча уни имзолашдан бош тортиб келаётган эди.

Франция ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер Европа Иттифоқи Клауснинг талабларини қондириб, Лиссабон шартномасини ўзгартира олмаслигини баён қилди.

Клаусни “қийинчиликларни яратаётганлик”да айблаган Кушнер шартнома Чехия парламенти ва сенати томонидан маъқулланганини эслатди.

Лиссабон шартномаси Ирландиядаги референдумда қабул қилинганидан кейин Полша президенти Лех Качинскийнинг уни шанба куни имзолаши кутилмоқда.

Шартнома 27 давлатдан иборат иттифоқ ичида сиёсий қарорлар қабул қилиниши жараёнини тартибга солишни кўзда тутади.