Саркисян Туркияга боради

Арманистон президенти Серж Саркисян туркиялик ҳамкасби Абдуллоҳ Гул таклифига биноан чоршанба куни Туркияга сафар қилади.

Бу ерда Арманистон президенти футбол бўйича икки давлат терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган баҳсни томоша қилади.

Ўтган йили Ереванга сафар қилган Туркия президенти Абдуллоҳ Гул ҳам арманистонлик ҳамкасби билан биргаликда икки давлат терма жамоаларининг ўйинини томоша қилган эди.

Шанба куни Туркия ва Арманистон бир неча йиллик адоватга чек қўйиб, ўзаро дипломатик алоқаларни нормаллаштиришни назарда тутган тарихий битимни имзоладилар.

Айни пайтда Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон давлатлар ўртасида имзоланган тинчлик битимини Туркия парламенти тасдиқлаши учун Арманистон ўз қўшинларини Озарбайжоннинг босиб олинган Тоғли Қорабоғ минтақасидан олиб чиқиши кераклигини айтди.