БМТнинг комиссияси аъзоси истеъфога чиқди

Афғонистонда 20 август куни ўтказилган президентлик сайлови билан боғлиқ шикоятларни ўрганиш бўйича тузилган БМТ комиссиясининг афғонистонлик икки нафар аъзосидан бири истеъфога чиқди.

Мавлавий Мустафо Баракзай ўз қарорини комиссиянинг бир америкалик, бир канадалик ва бир нафар даниялик аъзоси бемаслаҳат, “ўзларича қарор қабул қилгани” билан изоҳлади.

Комиссия бу иддаони рад қилиб, Баракзайнинг истеъфоси комиссия ўз ишини давом эттиришига тўсиқ бўлолмаслигини айтди.

БМТ матбуот вакили Олим Сиддиқ сайлов шикоятлари бўйича Комиссия адолатли хулоса чиқаришига БМТ ишонишини қайд этди.