Британия Афғонистонга қўшимча куч юборади

Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун Афғонистонга қўшимча 500 кишилик ҳарбий контингент юборилишига розилик берди.

Бироқ Британия парламентида чиқиш қилган Гордон Браун, мамлакат қўшинлари керакли қуроллар билан таъминланиб, НАТОга аъзо давлатлар Афғонистонга қўшимча куч юборса ва Афғонистон миллий армияси малакаси оширилган тақдирдагина британиялик қўшимча ҳарбийларнинг Афғонистонга киритилиши билдирди.

Ҳозир Афғонистонда британиялик 9 мингга яқин ҳарбий хизмат қилмоқда. Толибларга қарши ҳарбий амалиётлар бошланган 2001 йилдан буён Афғонистонда рўй берган зўравонликлар оқибатида британиялик 221 нафар ҳарбий нобуд бўлди.

Айни пайтда Британия ҳукуматининг Афғонистон қўшимча ҳарбий куч юбориш қарори мамлакатда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда.