Эронда портлаш содир этилди

Эрон жануби - шарқида худкуш шахс томонидан содир этилган портлашда камида 20 киши, жумладан, мамлакатдаги нуфузли Инқилоб посбонлари корпусининг юқори лавозимли икки раҳбари нобуд бўлди.

Эрон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, раҳбарлардан бири пиёда қўшинлари раҳбарининг ўринбосари генерал Нурали Шоустарий ва иккинчиси Систон-Балужистон вилояти бўйича генерал Муҳаммадзода бўлган.

Маълум бўлишича, ҳарбийлар маҳаллий қабила етакчилари билан музокаралар ўтказаётган пайтда худкуш шахс ўзини портлатиб юборган.

Нобуд бўлганлар орасида қабила етакчиларининг ҳам борлиги айтилмоқда.

Эрон парламентида чиқиш қилган спикер Али Ларижоний ҳарбий раҳбарларнинг ўлимини расман тасдиқлади.

Бугунги ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Эрон ҳукумати ўтмишда минтақада содир этилган бир нечта портлашларда суннийларнинг “Жундуллоҳ” гуруҳини айблаган.