Теҳрон Ғарбни террорчиларга ҳамкорликда айблаяпти

Эрон Инқилоб посбонлари раҳбари Муҳаммад Али Жаъфарий АҚШ, Британия ва Покистонни мамлакат жанубий шарқида ҳалокатли худкуш ҳужумни содир этган сунний гуруҳлар билан алоқадорликда айблади.

Жафарийга кўра, ҳар уч давлат жосуслик хизматларининг Жундуллоҳ раҳбари Абдумалик Ригги билан алоқаси бўлган.

Якшанба куни Эроннинг жанубий шарқида худкуш кимса тарафидан содир этилган портлашда 42 киши, жумладан, мамлакатдаги нуфузли Инқилоб посбонлари корпусининг юқори лавозимли беш раҳбари ҳалок бўлган эди.

Эрон расмийларига кўра, Жундуллоҳ ҳаракати ушбу ҳужумга жавобгарликни зиммасига олган.

АҚШ, Британия ва Покистон бу ҳужумга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларни кескин рад этган.