Афғонистонда иккинчи давра сайлов ўтказилади

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси матбуот вакили Нурмаҳаммад Нурнинг айтишича, сайловнинг иккинчи босқичи 7 ноябр куни ўтказилади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилишини маъқуллаб, буни Афғонистонда демократия томон ташланган улкан қадам, дея баҳолади.

БМТ ҳомийлигида тузилган Шикоятларни ўрганувчи махсус қўмита 20 август кунги сайлов давомида жиддий қонунбузарчиликларга йўл қўйилган, деб топди ва номзодларга берилган овозларнинг бир неча фоизини бекор қилди.

Дастлабки натижаларга кўра, президентлик сайловида Ҳамид Карзай қарийиб 55 фоиз, унинг асосий рақиби¸ собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ 28 фоиз овоз тўплаган эди.