Покистонда зўравонликлар давом этмоқда

Покистонда содир этилган портлашларда 20 киши нобуд бўлди, ўнлаб фуқаро тан жароҳати олди.

Расмийларнинг билдиришича, бугун худкуш шахс ўзини Исломободдан 75 км узоқликда жойлашган Карма шаҳридаги Покистон ҳарбий ҳаво кучлари базаси олдида портлатиб юборган.

Kўп ўтмай Пешовар шаҳрида машинага ўрнатилган бомба мосламаси портлатиб юборилган. Бу портлаш оқибатида камида етти киши тан жароҳати олган.

Қабилалар истиқомат қилувчи Моҳманд вилоятида эса тинч аҳоли вакиллари кетаётган автобус портлатиб юборилган. Оқибатда 17 киши, жумладан, аёллар ва ёш болалар нобуд бўлган.

Октябр ойи давомида жанггарилар Покистон бўйлаб бир нечта қўпорувчилик амалиётлари содир этди.

Айни пайтда Покистон хавфсизлик кучлари Афғонистон чегарасига яқин Жанубий Вазиристон минтақасига ўрнашиб олган жанггариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда.