АҚШ ва Франция ҳам Россияга қўшилди

Россия, АҚШ ва Франция Эрон ядровий дастури атрофидаги бўҳронни ҳал этишни мақсад қилган келишув лойиҳасига розилик берди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, Москва келишув шартларини қабул қилган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот вакили Вашингтон ҳам Атом энергияси халқаро агентлиги томонидан тақдим қилинган келишувга ижобий муносабатда эканини таъкидлаб, эндиликда Эрон жавобини кутаётганини маълум қилди.

Айни пайтда Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Франциянинг мазкур келишув лойиҳасига эътирози йўқлигини билдирди.

Атом энергияси халқаро агентлиги Эрон атом станцияси учун зарур ядровий ёнилғининг чет давлатларда тайёрланиши борасидаги келишув лойиҳасини АҚШ, Франция, Россия ва Эрон расмийларига тақдим қилган эди.

Келишувга мувофиқ Эроннинг кам тўйинтирилган урани Россия ва Францияда атом станцияси ёнилғисига айлантирилади ва Эронга қайтариб берилади. Бу ёнилғидан ядровий қурол ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиш имкони бўлмайди.