Кобулда намойишлар давом этмоқда

Бугун Kобулда халқаро кучларнинг Қуръонни таҳқирлаганига оид даъволар билан боғлиқ навбатдаги норозилик акцияси бўлиб ўтди.

Расмийларга кўра, халқаро кучлар ҳаракатидан норози бўлган 300га яқин талаба парламент биноси томон юриш қилган. Бироқ полиция ходимлари намойишчилар йўлини тўсиб, уларни тарқатиш мақсадида ҳавога ўқ узган. Намойишчилар ва полиция ўртасида юзага чиққан зиддият оқибатида полициянинг 15дан зиёд ходими тан жароҳати олган. Ўз исми ошкор қилинишини истамаган тиббиёт ходимининг билдиришича, ўқ теккан уч шахс шифохонага ётқизилган. Худди шундай норозилик намойиши якшанба куни ҳам бўлиб ўтди.

Намойишчиларга кўра, халқаро кучлар Майдон-Вардоқ вилоятидаги амалиётлар чоғида Қуръон нусхасини ёқиб юборган.

НАТО қўмондонлиги эса бу иддаоларни инкор қилиб, толибон ҳаракатини иғвогарчиликда айблади.