Карзай яна беш йил президент бўладиган бўлди

Афғонистон президентлигига номзодлардан бири Абдуллоҳ Абдуллоҳ иккинчи босқич сайловда қатнашмаслигини эълон қилганидан кейин, иқтидордаги президент Ҳамид Карзай иккинчи беш йиллик муддатга қолди ҳисоб.

АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти расмийлари, афтидан Карзай янги муддатга қоладиган кўринади ва шундай бўлса, Қўшма Штатлар у билан ишлашга тайёрдир, дея баён қилди.

Якшанба куни президентликка даъвогарлардан бири, собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ иккинчи босқич сайловининг адолатли бўлиши учун илгари сурган талаблари қондирилмагани важидан 7 ноябрга белгиланган сайлвода қатнашмаслигини эълон қилди.

Карзай Озодлик радиосига берган эксклюзив интервьюсида, рақиби Абдуллоҳ қароридан афсусда эканини айтиб, Мустақил сайлов комиссиясининг ҳар қандай қарорини қабул қилишини маълум қилди.

- Мен биродаримиз Абдуллоҳ Абдуллоҳ баёнотини эшитдим. Агар у сайловда иштирок этганда бахтиёр бўлар эдим. Унинг сайловдаги иштироки барчамиз учун фойдали бўлар эди. Нима бўлганда ҳам у хоҳлаган қарорни қабул қилишга ҳақли¸ деди Ҳамид Карзай.

Афғонистон раҳбари, шунингдек, яқинда ўз рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан бир қатор масалалар юзасидан учрашув ўтказганини таъкидлаб, ушбу учрашувга оид қўшимча маълумотни ошкор қилмади.

Айни пайтда, Толибон ҳаракати номзодларнинг сони биттага камайганига қарамасдан сайлов даврида ҳужумлар кўламини ошириш билан таҳдид қилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон “сайлов жараёни Афғонистон конституциясига мос равишда якун топишини таъминлаш Афғонистон расмийлари ваколатида” эканини баён қилди.

Британия Бош вазири Гордон Браун халқаро ҳамжамият Афғонистонда афғон халқи иродасига жавоб бера оладиган ва муаммоларни ҳал этишга қодир бўлган ҳокимият келишига умид қилаётганини таъкидлади.