Милибанд Москвада сўзлашув ўтказмоқда

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Милибанд сўнги беш йил давомида Россияга сафар қилаётган Британиянинг юқори лавозимли биринчи расмийсидир.
2006 йилда Лондонда бошпана топган Россия хавфсизлик хизмати собиқ ходими Александр Литвиненконинг полоний моддаси билан заҳарланиб, вафот этиши ортидан Россия-Буюк Британия муносабатлари анча совуқлашган эди.

Россия Литвиненкони ўлдиришда гумон қилинаётган унинг собиқ ҳамкасби, ҳозирда Давлат думаси депутати бўлган Андрей Луговойни Британияга топширишдан бош тортган.

Буюк Британия ҳам ўз навбатида Россияда иқтисодий жиноятларда айбланган тадбиркор Борис Березовскийни экстрадиция қилиш сўровини рад этиб келмоқда.

Бугун Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида Милибанд ҳар иккала давлат муштарак масалаларни ҳал этишда яқиндан ҳамкорлик қилиши лозим, деган фикрни билдирди.

-Сўзлашувлар натижаси ўлароқ , биз нафақат бир-биримизни яхши тушуна бошладик, балки ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги уринишларни жадаллаштиришга келишиб олдик,дейишимиз мумкин¸ деди Буюк Британия Ташқи ишлар вазири.

Сергей Лавров ўз навбатида "ечимсиз" қолаётган айрим масалаларга қарамай давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.