Эронда журналист ҳибс этилди

Эронда Ассошиэйтид пресс ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилаётган маҳаллий журналист Фарҳод Поуладий хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди.

Ассошиэйтид пресснинг Теҳрондаги бюроси раҳбарига кўра, Поуладий чоршанба кунги намойишларни ёритишга тараддуд кўраётган маҳал ҳибсга олинган ва унинг қаердалиги ҳозир номаълумлигича қолмоқда.

Чоршанба куни Теҳронда АҚШ элчихонаси гаровга олинганига 30 йил тўлиши муносабати билан аксил-Америка намойишлари бўлиб ўтди. Шу куннинг ўзида мухолифат тарафдорлари ҳам Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳукуматига қарши норозилик акцияси ўтказишга уринди, бироқ хавфсизлик кучлари уларни тарқатиб юборди.

Норозилик акцияси давомида ўнлаб намойишчи хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинди.