Каражичга адвокат тайинланди

Ҳаага халқаро трибунали Босния серблари собиқ етакчиси Радован Каражичга адвокат тайинлаб, унинг устидан бораётган маҳкама жараёнини 2010 йилнинг март ойигача қолдирди.

Чоршанба куни Ҳаага суди прокурори ҳакамларни маҳкамага жараёнини бойкот қилиб келаётган Каражичга адвокат тайинлашга чақирди.

Эндиликда Каражич ўз бойкотини давом эттирган тақдирда ҳам, маҳкама жараёни унинг адвокати иштирокида олиб борилиши мумкин.

Сешанба куни БМТ трибунали мажлисида илк бор қатнашган Босния серблари собиқ етакчиси ўз ҳуқуқлари поймол этилаётганини даъво қилди.

Каражичга нисбатан 11 айблов, жумладан 1992-95 йиллардаги Босния уруши даврида Сребреницада 8 мингга яқин мусуслмон эркак ва болаларини қатлиом қилганлик айби илгари сурилмоқда. Унинг ўзи мазкур айбловларни рад этмоқда.