Обама Хитойда инсон ҳуқуқлари ҳақда ҳам гаплашади

АҚШ президенти Барак Обама келаси ҳафта Хитой раҳбари Ху Цзинтао билан учрашганда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласини тилга олади.

Ўз исми айтилмаслигини сўраган юқори лавозимли Оқ уй расмийсига кўра, Осиё давлатларига 12 ноябр куни бошланадиган сафари чоғида президент Обама Хитой раҳбари билан диний эркинлик, Тибетдаги аянчли аҳвол ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бошқа масалаларни муҳокама қилади.

50 йил олдин ватанини тарк этишга мажбур бўлган тибетликлар олий руҳонийси Далай Лама 18 йил ичида илк бор ўтган ой Вашингтонда бир ҳафталик сафарда бўлди. Аммо у АҚШ президенти билан учраша олмади.