Очликка қарши кураш саммити бошланди

Римда БМТ ҳомийлигида очликка қарши кураш мавзуида саммит иш бошлади.

Саммитда 60дан зиёд давлат вакиллари, жумладан, Италия Бош вазири Сильвио Берлускони, Рим папаси Бенедикт XVI ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун иштирок этмоқдалар.

-Бугунги озиқ-овқат бўҳрони эртанги кун учун огоҳлантирувдир. 2050 йилга бориб сайёрамизда 9.1 миллиард киши истиқомат қилиши мумкин, бу бугунги кундан 2 миллиард кўп дегани. Аҳоли сони ортиб бораётган бир пайтда глобал иқлим ўзгариб бормоқда. 2050 йилга бориб озиқ-овқат ишлаб чиқаришни 70 фоизга оширишимиз лозим бўлади. Об-ҳавони ҳам олдиндан билиш анча мушкул иш бўлиб бормоқда. Жаҳоннинг айрим минтақаларида сув манбалари камайиб, экин майдонлари тобора қисқариб бормоқда, деди Бан Ки Мун.

БМТ ҳисоб китобларига кўра, сўнги йиллар давомида ярим очликка маҳкум аҳоли сони кескин ошиб бормоқда. 2009 йилда улар сонининг 100 мингдан ошиши ва жаҳон бўйлаб жами 1 миллиард кишига етиши тахмин қилинмоқда.