АҚШ президенти Пекинда

Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилаётган АҚШ президенти Барак Обама Пекинга борди.

АҚШ президенти бугун хитойлик ҳамкасби Ху Цзинтао билан бирга тушлик қилишни режалаган. Сешанба куни эса президентлар ўзаро савдо-сотиқ алоқалари, Эрон ва Шимолий Корея ядровий дастури ҳамда глобал иқлим ўзгариши каби масалалар юзасидан сўзлашувлар олиб борадилар.

Бугун Шанхайда Хитой Давлат универститети талабалари билан учрашган Обама АҚШ ва Хитой бир-бирига душман этиб яратилмаганини таъкидлади.

-Биз душман бўлишимиз шарт, деган тушунча бизнинг қисматимиз эмас. Ўтмишга қарасак ҳам бу нотўғри тушунча. Аксинча, ўзаро ҳамкорлигимиз туфайли АҚШ ва Хитой тобора тараққий этаётган ва хавфсиз давлатларга айландилар. Ўз алоқаларимизни ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат тамойилларига асосланиб қурсак¸ нималарга эриша олишимизга бугунги кунда гувоҳ бўлиб турибмиз, деди Барак Обама.

Осиё сафари давомида АҚШ президенти Япония ва Сингапурда бўлди. Хитойдан сўнг Барак Обама Жанубий Кореяга йўл олади.