Реакторни ишга тушириш кечиктирилади

Эроннинг Бушаҳрдаги ядровий иншоотидаги реакторнинг ишга туширилиши қолдирилиши мумкин.

Россия ёрдамида барпо қилинаётган реакторни жорий йил якунида ишга тушириш режаланган эди.

Бугун журналистлар билан учрашган Россия Энергетика вазири Сергей Шматко техник сабаблар туфайли реакторнинг ишга туширилиши кечиктирилаётганини маълум қилди.

Эрон жанубидаги Бушаҳр ядровий иншоотини барпо қилиш ишлари ҳам ўтмишда бир неча бор қолдирилган эди. Россия ўтган йил ушбу станцияни ишга туширишга етарли бўлган ядровий ёнилғини Эронга етказиб берди. Ғарб давлатларининг Эрон ядровий дастури юзасидан билдириб келаётган xавотирларига қарамай, Россия Бушаҳрдаги ядровий иншоот қурилишини давом эттириб келмоқда.