Исроил қурилишларни давом эттирмоқчи

Исроил Шарқий Қуддусда ўз фуқаролари учун янги уй-жойлар қуриш ниятида. Ҳукумат ушбу ҳудудда яҳудий келгиндилари учун яна 900 та уй қуриш режасини илгари сурди.

Исроил билан музокараларда Фаластин делегациясига бошчилик қилаётган Саэб Эрекат: “Исроил Шарқий Қуддусда ўз ҳозирлигини кенгайтирар экан, музокаралардан маъно йўқ”, деб айтди.

АҚШ Давлат департаменти вакили Иэн Келли Исроилнинг ушбу режаси Вашингтонни ташвишга солишини билдирди.

Британия ҳукумати ҳам Исроилнинг Шарқий Қуддусда янги уй-жойлар қуриш режасини танқид қилди.

Аввалроқ Саэб Эрекат Исроил Фаластин ҳудудларида яҳудий келгиндилари учун уй-жойлар қуришни давом эттиравергач, тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолганини айтган эди.

Исроил Ички ишлар вазирлиги Шарқий Қуддусда яҳудийлар учун янги уй-жойлар қуриш режаси ҳали ишлаб чиқиш босқичида эканини айтмоқда.