Французлар чемпионатга борадиган бўлди

Халқаро футбол ассоциациялари уюшмаси (ФИФА) 2010 йилги Жаҳон чемпионатига бериладиган йўлланма учун Франция ва Ирландия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган баҳсни қайта ўтказишга рухсат бермади.

Парижда бўлиб ўтган баҳсни қайта ўтказиш талаби билан Ирландия терма жамоаси чиқди. Бунга Франция терма жамоаси ҳужумчиси Тьери Анрининг қўл билан тўпни ўйнагани ва ушбу ҳолатдан сўнг дарвозага тўп киритилгани сабаб бўлди. Ҳакам, ўз навбатида, қоида бузилганини кўрмади ва французлар киритган тўпни ҳисоблади. Париждаги баҳсда дуранг ҳисоби қайд этилди ҳамда ўтказилган иккита ўйин ҳисобига Франция терма жамоаси Жаҳон чемпионатига борадиган бўлди.

Мазкур ҳолат Ирландияда қизғин тортишувларга сабаб бўлмоқда. Айни пайтда Ирландия Бош вазири Байан Коуэн Франция президенти Николя Саркози билан бўлиб ўтадиган учрашувда ушбу ҳолатни муҳокама қилишини билдирди.