Путин навбатдаги газ можароси олдини олмоқчи

Россия Украина билан эришилган газ келишувининг айрим шартларини юмшатишга розилик берди.

Россия Бош вазири Владимир Путин пайшанба куни Ялтада украиналик ҳамкасби Юлия Тимошенко билан учрашиб, асосан газ масаласини муҳокама қилди. Мазкур учрашувдан сўнг Путин иқтисодий бўҳрон туфайли Украина ўзаро келишувда кўзда тутилганидан кўра Россиядан камроқ газ сотиб ола бошлагани, бироқ Москва бу ҳаракатлар учун Киевга жарима солмаслигини билдирди.

Бундан ташқари, Путин Украина ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни вақтида бажараётгани ҳамда қиш давомида бу давлатга етаказиб берилаётган газ таъминотида ҳеч қандай муаммолар бўлмаслигига умид қилаётганини таъкидлади.

Жорий йил бошида икки давлат ўртасида юзага чиққан газ можароси туфайли Европанинг аскар давлатлари бин неча кунга Россия газисиз қолган эди.