Аҳмадийнажод катта сафарга отланмоқда

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод беш кунлик сафар билан Лотин Америкаси ва Ғарбий Африкага йўл олмоқда.

Лотин Америкасида Аҳмадийнажод Бразилия, Венесуэла ва Боливия, Ғарбий Африкада эса Сенегал ва Гамбияга боради.

Эрон раҳбари ўз сафарини даставвал Бразилиядан бошлайди. Бу ерда Аҳмадийнажод Бразилия ҳукумати расмийлари билан учрашиб, технология, газ ва нефт саноати ҳамда фазони ўзлаштириш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама қилади.

Боливияда Аҳмадийнажод ўз ҳамкасби Эво Моралес билан сўзлашувлар ўтказиб, ўзаро ҳамкорлик шартномаларини имзолашни режалаган.

Венесуэлада ҳам Эрон раҳбари аксиламерика чиқишлари билан ном қозонган мамлакат президенти Уго Чавес билан учрашади.