Вазир ўз ходимларининг жазоланишига қарши эмас

Қонунга риоя қилувчи россияликлар ҳаддидан ошган милиция ходимларига қаршилик кўрсатишлари мумкин.

Бу - Россия ички ишлар вазири Рашид Нурғалиевнинг фикри.

Бу фикрни у ички ишлар вазирлигининг Москва университети талабалари олдида қилган чиқиши чоғида билдирди.

Вазирнинг айтишича, агар милиция ходими қонунга риоя қилувчи фуқарога ҳужум қилса, уни, яъни милиция ходимини "турмага тиқиш керак".

Куни кеча Москвада уч маст милиционер икки фуқарога ҳужум қилиб, улардан бирини ўлдириб қўйган эди.

Кейинги йилларда бундай воқеалар тез-тез содир бўлиб турибди.

Шанба куни Москвада инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифатчилар милиция ходимларининг зўравонлигига қарши норозилик митинги ўтказади.