Поезд ҳалокатига портлаш сабаб бўлган

Россия Федерал хавфсизлик хизматига кўра, “Нева экспресси” поездининг ҳалокатга учрашига портлаш сабаб бўлган.

ФСБ раҳбари Александр Бортников Россия президенти Дмитрий Медведевга ҳисобот бераркан, жума кунги портлаш кучи етти килограмм тротил қувватига тенг бўлганини маълум қилди.

Терговчиларнинг билдиришича, фожеа рўй берган ҳудудда портловчи мослама парчалари топилган.

Расмийларга кўра, портлаш оқибатида Москва-Санкт-Петербург йўналиши бўйича ҳаракатланаётган йўловчи поёздининг бир неча вагони изидан чиқиб кетган ва камида 30 киши нобуд бўлган, салкам 100 киши тан жароҳати олган.

Россия прокуратураси жума кунги фожеа юзасидан терроризм ва ноқонуний портловчи моддаларни сақлаш айблари бўйича жиноят иши очилганини ҳам маълум қилди.

Россия президенти фожеа қурбонлари оила аъзоларига ва тан жароҳати олган йўловчиларга молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида топшириқ берди.

2007 йилнинг август ойида ҳам “Нева экспресси” поезди Новгород вилояти ҳудудидан ўтаётганида қўлбола портловчи модда портлатиб юборилган ва оқибатда бир нечта вагонлар издан чиқиб кетиб, 30 га яқин йўловчи тан жароҳати олган эди.