Ўзбек зиёратчилари Ҳаж ибодатини якунламоқда

Ҳаж ибодатини адо этаётган юртдошларимизнинг хабар беришларича, Ташриқ кунлари ўзбекистонлик зиёратчилар Минода Оллоҳни зикр қилиш ва Жамаротда шайтонга тош отиш билан машғул бўлмоқдалар.

Саудия Арабистонига борган қарийб икки миллион мусулмон орасидаги ўзбекистонлик зиёратчилар декабр ойининг дастлабки кунларида юртга қайтишлари кутилаяпти.
Макка шаҳрида Ҳаж ибодатини адо этаётган Тошкент шаҳар имом-хатиби ўринбосари Эргашали Рустамов билан телефон орқали боғланиб¸ ўзбекистонлик ҳожилар шу кунда қайси амалларни бажараётгани билан қизиқдик.

Озодлик: Шанба куни эрталабдан ўзбекистонлик ҳожилар қандай амалларни бажаришди? Ҳозир қандай ибодат билан машғуллар?

Эргашали Рустамов: Ўзбекистон ҳожилари ҳозир Минода. Бугун бомдод намозидан кейин ҳаммалари ибодатда бўлишиб, заволдан кейин учта шайтонга еттитадан йигирма битта тош отиб келиб, пешин намозини ўқиб, тушлик қилиб, мана ҳозир яна ибодат билан машғул. Ҳожиларимизнинг ҳозир қиладиган ишлари асосан Мино тоғида бўлиб, кўпроқ зикрда, ибодатда бўлиш. Энг асосий иш шу.

Озодлик: Ўзбекистонлик ҳожилар қурбонлик келтиришдими?

Эргашали Рустамов: Қурбонликлар кеча 11 яримларда сўйилиб, эълонлари бўлди.

Озодлик: Ўзбекистонлик ҳожиларнинг яна қандай амалларни бажаришлари қолди?

Эргашали Рустамов: Жадвал бўйича айтадиган бўлсак, Худо хоҳласа, бугун ҳам кечаси билан Минода бўламиз. Эртага учта шайтонга яна еттитадан тош отиш амалимиз қолди. Ундан кейин, яъни, эртага аср намозидан кейин меҳмонхонага қайтамиз. Шундан сўнг 2 декабрда қайтадиганлар сафарга тайёргарлик кўришади. Бошқа қилинадиган ишлар йўқ. Ўзбекистонлик ҳожиларнинг ҳаммаси тавофи ифозани қилиб бўлди. Қайтиши керак бўлган ҳожиларимиз 1 декабр кечаси билан Худо хоҳласа, видо тавофини қилишади. Шу билан тугайди.

Озодлик: Бу йилги Ҳаж мавсуми аввалги йиллардагидан нимаси билан фарқ қилди, деб ўйлайсиз?

Эргашали Рустамов: Кеча ҳам, бугун ҳам Масжидул-Ҳаромдаги ибодатларни кўриб, мана Муздалифада, Арофатда ва Жамаротда ҳам бўлдик. Ҳожиларнинг сони балки грипп касаллиги сабабли ёки иқтисодий бўҳрон сабабли ўтган йилга нисбатан камроққа ўхшаб турибди. Лекин бу ҳақда биз аниқ бир жойдан тўғри маълумот ололмадик.

Ўзбекистонлик ҳожилар учун ўтган йилги меҳмонхоналардаги шароит бу йил ҳам муҳайё қилинган. Саудия Арабистони давлатида бўлганимиз учун жуда кўп нарсалар шу давлатга тегишли. (Улар ташкиллаштириши керак.) Бизнинг давлат қилиши керак бўлган ишлар қилинган. Лекин, масалан, транспорт билан таъминлаш, Минодан Арафотга обориш, яна Муздалифага олиб келиш, Муздалифадан яна Минога қайтариб олиб келиш ишлари (Саудиянинг) ўша жойдаги мактабани шу Ҳаж ва Умра вазирлигига тегишли бўлган ишлар. Худо хоҳласа, жуда кўп томонлардан қанақадир маънода фарқлари бор. Қийинчиликлар, машаққатлар деярли бўлмади.

Озодлик: Касалликни тилга олдингиз. Дунё бўйича грипп жуда кўп тарқаляпти. Бу йилги Ҳаж мавсумида ҳожиларимиз саломатлиги қандай бўлди?

Эргашали Рустамов: Тўғри, бу дунё миқёсида энг долзарб масала бўлиб турибди. Лекин чоралар кўрилган. Тиббиёт ходим ва ходималари бу тўғрида аниқ режалар ишлаб чиқишган. Тиббиёт кўриклари ўз вақтида бўлиб турибди. Ҳожиларимизга гуруҳ раҳбарлари ўз вақтида ўша ниқобларни тақиш, жумладан, шаҳарларда бўлганларида жуда ҳам эҳтиёт бўлиш, жамоат жойларида узоқ қолиб кетмаслик, ибодат қилиб бўлгандан кейин дарҳол Ҳарамдан чиқиш, бозорларда, транспорт кўп юрадиган жойларда узоқ қолиб кетмасдан, ўзини сақлашлик ҳақидаги кўрсатмалар берилган тиббиёт ходимлари томонидан. Буни гуруҳ раҳбарлари ҳожиларимизга етказаяпти. Алҳамдулиллаҳ, Ўзбекистон ҳожиларидан бунақа касалга чалинмасин, чалинганлари йўқ.

Озодлик: Бу йилги Ҳажни “Ҳажжи акбар” дейишяпти.

Эргашали Рустамов: Москвадан, у ер, бу ердан “Ҳажжи акбар” деб эълон қилишди, деяпти. Лекин “Ҳажжи акбар” бўлишлиги учун албатта арафа жума кунига тўғри келиши керак. Бу йил арафа пайшанба кунига тўғри келди. Лекин биз Саудия Арабистони давлатининг бирон-бир радиоэшиттириши ёки ойнаи жаҳон кўрсатувларида ёки матбуотида бу йил “Ҳажжи акбар” деган эълонни эшитмадик.

Озодлик: Чоршанба кунги суҳбатимизда "Маккада ёмғир ёға бошлаганига бир соатча бўлди", деб айтган эдингиз. Саудия расмийлари шанба куни эълон қилган маълумотга кўра, сув тошқинлари оқибатида Жидда шаҳрида 106 киши нобуд бўлган. об-ҳаво, ёмғир Маккага қандай таъсир қилди?

Эргашали Рустамов: Ўша ёмғир бошланган кун биз ҳақиқаттан ҳам Минода эдик. Ёмғир жуда ҳам тез, ўзимизнинг диёрда шиддат билан ёғадиган ёмғирга ўхшаган тез ёмғир ёғди. Ҳақиқатан ҳам узоқ муддат ва тез ёмғир ёғди. Табиийки, тоғли жой бўлгани учун сув тез тўпланади. Лекин биз Минода бўлганлигимиз учун ўзбекистонлик ҳожиларга (умуман бошқа ҳожиларга ҳам, масалан, биз билан Россия ҳожилари бирга, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳожилари мактабалари ёнма-ён жойлашган) бирон-бир зиён-заҳмат етганини эшитмадик, кўрмадик, гувоҳи ҳам бўлмадик. Аммо шу Ҳарамда, Тоиф томонларда ёмғир бир оз кўпроқ ёғиб, шунақа бир зарар кўрилган. Лекин "одам ўлипти", деган жиддий гап бўлмади. Сув тошқини бўлган, деб эшитдик. Чунки Ҳарамдан йироқда - Минода бўлганлигимиз учун ўз кўзимиз билан кўрганимиз йўқ.

Озодлик: Ҳаж амалларини тугатаяпсизлар. Ўзбекистонлик ҳожилар номидан Ўзбекистонда ўтирган, ўз яқинларини кутаётган ўзбекистонликларга тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Эргашали Рустамов: Албатта мен, авваламбор Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Тошкент шаҳар вакиллиги, умуман, 5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ҳожиларнинг номидан бутун Ўзбекистон халқини шундоқ бир улуғ айём, Ийд ал-Адҳа билан, шундоқ бир улуғ кунлар билан чин қалбимдан самимий муборакбод қилиб, ҳамма халқимга узоқ умр, бахт-саодат, ҳаётларида тинчлик-осойишталик, ҳаммаларига оилавий бахт-саодат, узоқ йиллар оилалари билан бирга бўлиб, "Ҳажга келаман" деб ният қилиб юрганлар, иншааллоҳ, соғ-саломат Ҳажга келиб, Ҳаж амалларини бажариб, ҳақиқий ҳожи бўлиб яна Ватанларига қайтишларига тилакдошман.

Озодлик: Берган маълумотларингиз учун Сизга катта раҳмат. Биз ҳам, ўз навбатида, Озодлик радиоси ходимлари ўзбекистонлик ҳожиларнинг Ҳаж зиёратини муваффақиятли бажариб, соғ-саломат Ватанга қайтишларига тилакдошмиз.

Эргашали Рустамов: Соғ бўлинг, омон бўлинг.