Туркманистонда амнистия эълон қилинди

Туркманистон президенти мамлакатда нишонланаётган миллий байрам муносабати билан 4 минга яқин маҳбусни амнистия қилиш тўғрисидаги фармонга имзо қўйди.

Туркманистон телевидениесига кўра, амнистия этилаётган маҳбуслар орасида хорижлик 19 шахс ҳам бор.

Ўтмишда ҳам Туркманистонда бир неча бор амнистия эълон қилинган, бироқ 2006 йилда давлат бошқарувига келган Қурбонқули Бердимуҳамедов 3000 дан зиёд маҳбусни илк бор авф этмоқда.

Туркманистон ҳукумати шу пайтгача мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган маҳбуслар сонини ошкор қилмаган ва Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакилларининг бу қамоқхоналарга киришига тўсқинлик қилиб келмоқда.