НАТО Ташқи ишлар вазирлари учрашади

НАТОга аъзо давлат Ташқи ишлар вазирлари бугун Брюсселда учрашиб, Босния-Ҳерцеговина, Монтенегро, Украина ва Грузиянинг альянсга аъзо бўлиш учун топширган аризалари юзасидан сўзлашув ўтказадилар.

Дипломатларнинг билдиришича, НАТО Монтенегрога “Аъзолик учун ҳаракат дастури”ни тақдим этиши мумкин.

Айни пайтда НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен альянсга аъзо қилиш борасида ўтган йил Украина ва Грузияга берилган ваъдалар қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

- Бухарест йиғини чоғида Украина ва Грузияга берилган ваъдалар ўз кучида қолмоқда. Улар бизнинг талабларимизга жавоб берсалар ва агар уларда бундай хохиш бўлса¸ албатта¸ бу давлатлар НАТО сафига қўшиладилар. Биз бу давлатларда амалга оширилаётган ислоҳотларни муҳокама қиламиз ва НАТО бу жараёнларни қувватлашда давом этади, деди НАТО Бош котиби

Москва собиқ иттифоқи республикалари¸ хусусан Украина ва Грузиянинг НАТОга қўшилишига қарши чиқиб келмоқдалар.

НАТО Ташқи ишлар вазирларининг Брюссел учрашувида шунингдек Афғонистондаги вазият ва Россия билан муносабатлар тадрижини ҳам муҳокама қилишлари кутилмоқда.