Лағмонда намойишлар бўлиб ўтди

Афғонистон расмийларига кўра, НАТО қўшинлари бугун эрта тонгда мамлакат шарқида олиб борилган амалиёт чоғида тинч аҳоли вакилларидан олти киши, жумладан, бир аёлни отиб қўйган.

НАТО, ўз навбатида, Лағмон вилоятидаги амалиётларда фақат жангарилар йўқ қилинганини маълум қилди.

НАТОга кўра, халқаро ва ҳукумат кучлари амалиёт чоғида жангарилар пистирмасига дуч келган.

Айни пайтда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўз баёнотида бегуноҳ фуқароларнинг ўлдирилишини кескин қоралади.

Лағмон вилояти марказида эса икки юздан зиёд киши тинч аҳоли вакилларининг халқаро кучлар томонидан ўлдирилишига қарши норозилик акцияси ўтказди. Вилоят ҳокими матбуот вакилига кўра, намойиш чоғида норозилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар рўй берган ҳамда икки нафар намойишчи хавфсизлик кучлари ўқидан нобуд бўлган.