Перм фожеаси қурбонлари сони яна ортди

Россиянинг Перм ўлкаси ҳукумати 5 декабр кунги фожеа муносабати билан истеъфога чиқди.

Айни пайтда фожеа қурбонлари сони яна ортди. Ўтган ҳафта тунги клубда рўй берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 123 кишига етди.

Сешанба куни Пермга сафар қилган Россия Бош вазири Владимир Путин жума кунги фожеада маҳаллий расмийлар ва клуб раҳбариятини айблади.

Хабарларга кўра, Путин танқидидан сўнг Перм шаҳар ўт ўчириш бошқармаси раҳбари ва бир неча расмий ўз лавозимидан бўшатилган.

Фуқаролар хаётини хавф остига қўйиш ва ёнғин хавфсизлигини бузиш каби айбловлар билан тунги клуб раҳбариятидан уч киши ҳибсга олинди.

Ёнғиндан сўнг 100 дан зиёд шахс Москва, Санкт-Петербург, Челябинск ва Перм шифохоналарига ётқизилди. Улардан аксариятининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.