Расмийлар Бағдод портлашларида Ал-Қоидани айблади

Ироқ расмийлари Ал-Қоида жангариларини камида 127 кишининг ҳаётига зомин бўлган Бағдоддаги портлашларга алоқадорликда айблади.

Молия вазирлиги, суд биноси, полиция назорат пункти ва университет ёнида содир этилган портлашларда, шунингдек, 500 дан зиёд киши тан жароҳати олди.

Бу август ойидан бери Ироқ ҳукуматига қарши мувофиқлашган тарзда амалга оширилган учинчи йирик ҳужумдир.

Ироқ парламентининг айрим аъзолари ҳукумат кўраётган хавфсизлик чораларини кескин танқид қилди. Парламент аъзолари Бош вазир Нурий ал-Маликий ва хавфсизлик масалалари бўйича вазирларни пайшанба куни ўткизиладиган фавқулодда йиғинда Бағдоддаги портлашлар юзасидан ҳисобот топширишга чақирдилар.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва АҚШ ҳукумати Бағдодда амалга оширилган ҳужумларни кескин қоралаб, уни "Ироқдаги сиёсий жараёнларни издан чиқариш йўлидаги уриниш", дея баҳолади.