Кай Эйде ўз лавозимидан кетади

БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Кай Эйде келаси йилнинг март ойида тугайдиган икки йиллик иш шартномасини узайтирмаслигини маълум қилди.

Ассошиэйтед пресс агентлигига интервю берган Кай Эйде "Истеъфога чиқаётганим йўқ", дея таъкидлаган бўлсада, БМТ Бош котиби Бан Ки Мундан ўз ўрнига бошқа номзодни ахтаришга киришишни айтганини тан олди.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси матбуот вакили Дан МакНортон Озодлик билан суҳбатда Кай Эйде 2008 йилнинг март ойида ўз лавозимига киришган пайт белгиланган иш жадвалига риоя қилаётганини таъкидлади.

-Кай Эйде ушбу лавозимга киришганда унинг олдида икки йиллик иш фаолияти турган эди. Яқинда Кай Эйде БМТ Бош котибидан ўз ўрнига бирон бир номзодни излашни сўради. Бу истеъфога чиқиш масаласи эмас. Кай Эйде 2008 йилнинг март ойида ўз лавозимига киришгандан буён белгиланган иш жадвалига риоя қилиб келмоқда,-деди БМТ миссияси матбуот вакили.