Камбоджа уйғурларни депортация қилади

Камбоджа ҳукумати ўтган йилнинг июл ойида Хитойнинг Урумчи шаҳрида рўй берган этник зўравонликлардан сўнг мамлакатга қочиб келган 20 нафар уйғурни ўз ватанига депортация қилишга қарор қилди.

Камбоджа Ташқи ишлар вазирлигига кўра, уйғурлар ноқонуний тарзда мамлакат ҳудудига киргани боис улар Хитойга қайтариб юборилади.

Маълум бўлишича, уйғурлар Камбоджа ҳукуматидан бошпана сўраган. Айни пайтда уйғурларнинг тақдирига оид қўшимча маълумот ошкор қилинмади. Ассошиэйтид пресс агентлигининг Камбоджа расмийсига таяниб хабар қилишича, уйғурлар аллоқачон ўз ватанига депортация қилинган.

АҚШ ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги расмий Пномпенни уйғурларни Хитойга қайтариб юбормасликка чақирди.

Ўтган йилнинг июл ойида Урумчи шаҳрида этник ханлар ва уйғулар ўртасида рўй берган тартибсизликларда, расмий маълумотларга кўра, салкам 200 киши нобуд бўлган.