Кокойти грузин ўсмирларни авф этди

Грузиянинг айирмачи Жанубий Осетия ўлкаси етакчиси Эдуард Кокойти ўлка ҳудудига портловчи моддаларни олиб киришда гумон қилинган грузиялик икки ўсмирни авф этди.

Бу ҳақда Жанубий Осетия етакчиси Грузия мухолифати вакилларидан бири Зураб Ногаидели билан Цхинвалида ўтказилган учрашув чоғида маълум қилди.

Жорий ой Жанубий Осетия суди Грузиянинг 16 ва 17 яшар фуқароларини бир йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу қарор, ўз навбатида Грузия ва бир қатор Ғарб давлатларида ғазаб билан кутиб олинди.

Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Томас Хаммарберг жорий ой Цхинвалига сафар қилиб, грузиялик ўсмирларни озод қилиш борисида олиб борилган сўзлашувларга воситачилик қилди.