Покистонда шиа зиёратчилари нишонга олинди

Покистоннинг Карачи шаҳрида содир этилган портлашда камида 15 киши нобуд бўлди.

Полицияга кўра, портлашда шиаларнинг муқаддас Ашуро байрамини нишонлаётган зиёратчилар нишонга олинган. Худкуш шахс томонидан содир этилгани айтилаётган ушбу портлашда, шунингдек, 20 дан зиёд фуқаро тан жароҳати олган.

Покистон ҳукумати Ашуро байрами давомида рўй бериши мумкин бўлган зўравонликларни олдини олиш мақсадида барча йирик шаҳарларда хавфсизлик чораларини кучайтириб, кўчаларга қўшимча полиция ходимларини сафарбар қилган эди.

Муҳаммад пайғамбарнинг невараси имом Ҳусайннинг ўлдирилишини ëдга олувчи шиаларнинг Ашуро байрами якшанба куни Эрон, Ироқ, Покистон ва Ливанда кенг нишонланди.