Ироқда зўравонликлар давом этаётир

Ироқ бўйлаб содир этилган портлашларда камида 27 киши нобуд бўлди.

Мамлакатнинг Рамади шаҳрида содир этилган икки портлаш оқибатида 20га яқин фуқаро нобуд бўлди, камида 35 киши, жумладан, Анбар вилояти ҳокими Қоссим Муҳаммад тан жароҳати олди.

Расмийларнинг билдиришича, вилоят ҳокимияти биноси олдидаги портлашлар икки худкуш шахс томонидан содир этилган.
Рамади шаҳридаги портлашлар учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Шу куннинг ўзида Бағдод шимолида Ашуро байрамидан қайтаётган шиа зиёратчилари нишонга олинди. Йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида етти киши нобуд бўлган, 20дан зиёд киши тан жароҳати олган.