АҚШ май ойида ўз аскарларини Ироқдан чиқара бошлайди

- Ироқдаги парламент сайловларининг январдан март ойига кўчирилишига қарамай, АҚШ қўшинларини бу давлатдан олиб чиқиш белгиланган жадвал бўйича амалга оширилади, дея баёнот берди АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони Рей Одиерно.

Ироқдаги парламент сайлови январ ойига белгиланган эди, бироқ сайлов тўғрисидаги қонун атрофида юзага чиққан сиёсий бўҳрон туфайли сайловлар март ойига қолдирилди.

Ассошиэйтид пресс агентлигига интервью берган генерал: "Агар Ироқдаги хавфсизлик вазияти ўзгармай турса, май ойидан бошлаб АҚШ қўшинларининг жанговар бўлинмалари мамлакатни тарк эта бошлаши мумкин", дея таъкидлади.

Ҳозир Ироқда АҚШнинг 110 мингдан зиёд аскари хизмат қилмоқда. Жанговар қўшинлар Ироқдан чиқарилгандан сўнг у ерда 50 мингга яқин ҳарбий қолади ва улар асосан Ироқ армияси малакасини оширишга кўмаклашади.

2011 йил якунига бориб эса Вашингтон Ироқдаги ҳарбийларининг барчасини мамлакатдан олиб чиқишни режалаган.