Того бош вазири футболчилардан ватанга қайтишни талаб қилди

Того бош вазири Жилбер Унгбо жума куни террорчилар ҳужумига учраган футбол бўйича мамлакат терма жамоаси ўйинчиларидан Анголада бошланаётган Африка кубогида иштирок этмаслик ва зудлик билан ўз ватанига қайтишни талаб қилди.

Того бош вазири, шунингдек, Африка футбол конфедерацияси ва Ангола ҳукуматини спортчилар хавфсизлигини таъминлай олмаганликда айблади.

Того терма жамоаси кетаётган автобус жума куни Анголанинг Кабинда вилоятида айирмачилар ҳужумига учради.

Бу ҳужумда муррабий ёрдамчиси, терма жамоа матбуот вакили ва автобус ҳайдовчиси нобуд бўлди. Камида етти киши, жумладан, миллий терма жамоа ўйинчиси тан жароҳати олди.

Мазкур воқедан сўнг Того терма жамоасининг Африка қитъасида ўтказиладиган нуфузли турнирда иштирок этиш-этмаслиги савол остида қолаётган эди.

Бугун Того футболчилари қурбон бўлган дўстлари хотираси учун мазкур турнирда иштирок этишга қарор қилганликларини маълум қилган эди.

Тогода эса ҳужум қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинди.