Ҳаитида зилзила оқибатлари бартараф этилмоқда

БМТга кўра, Ҳаити пойтахти Порт-о-Пренсдан ғарбда жойлашган Леогане шаҳри ўтган ҳафта рўй берган зилзиладан энг кўп зарар кўрган.

БМТнинг Инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш масалалари бўйича идораси матбуот вакили Элизабет Бирс сўзларига кўра, Леогане шаҳрида 80-90 фоиз бино вайронага айланган. Унинг таъкидича, мазкур шаҳарда кўрилган талофотлар сони 5 -10 минг киши атрофида бўлиши мумкин.

Айни пайтда АҚШ ҳарбийлари Ҳаити пойтахти аэропортида вақтинча назорат ўрнатиб, мамлакатга келаётган инсонпарварлик ёрдамини тақсимлаш ва хорижликлар ҳамда жароҳатланганларни эвакуация қилишга кўмаклашмоқда.

Маҳаллий расмийлар эса зилзиладан жабр кўрган аҳолига тез фурсатда инсонпарварлик ёрдами кўрсатилмаса, пойтахтда зўравонликлар авж олиши мумкинлиги ҳусусида огоҳлантирмоқдалар.

Айрим ахборот агентликлари Порт-о-Пренсда ўғирликлар содир этилаётгани ҳақида хабар тарқатдилар.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти сешанба кунги зилзилада 50 мингга яқин фуқаронинг нобуд бўлганини тахмин қилмоқда.