Афғон депутатлари ҳукумат таркибини муҳокама қилмоқда

Афғонистон парламенти янги ҳукумат таркибини муҳокама қилмоқда.

Кобулдан олинган хабарларга кўра, депутатлар Ташқи ишлар вазири лавозимига Залмай Расул, Адлия вазири лавозимига Ҳабибуллоҳ Ғолиб ва Диний масалалар бўйича вазир лавозимига Муҳаммад Ниёзий номзодларини маъқуллаганлар.

Депутатлар, айтилишича, Олий таълим вазири лавозимига кўрсатилган Муҳаммад Ҳошим номзодини рад қилганлар.

Бундан икки ҳафта муқаддам Афғонистон парламенти президент Ҳамид Карзай томонидан янги ҳукумат таркибига тақдим қилинган 24 номзоддан 17тасини рад этди. 9 январ куни эса Карзай ўзгартирилган янги ҳукумат таркибини қайтадан мамлакат парламентига тақдим қилди.

Афғонистон парламенти депутатлари янги ҳукумат таркибига киритилган айрим номзодларнинг етарлича малакага эга эмаслиги ҳусусида шикоят қилиб келмоқдалар.