АҚШ Ҳаитига яна ҳарбий юборади

АҚШ Ҳаитида рўй берган зилзила оқибатларини бартараф этиш ишларига кўмаклашиш мақсадида бу давлатга қўшимча 4 минг ҳарбий юборишини эълон қилди.

Хабарларга кўра, бу билан Ҳаитига юборилган америкалик ҳарбийлар сони жами 15 минг кишига етиб қолади.

Ҳаитида чоршанба куни ҳам қайтадан ер силкиниши кузатилди, бироқ хабарларга кўра, Рихтер ўлчови бўйича 5.9 баллни ташкил қилган бу зилзилада талофотлар бўлмаган.

Айни пайтда Ҳаити расмийлари ўтган ҳафта рўй берган зилзила қурбонлари сони 75 минг кишига етганини эълон қилди. Қутқарув ишлари давом этар экан ушбу рақамнинг янада ортиши тахмин қилинмоқда.

Кўмак ташкилотларига кўра, Ҳаитидаги зилзиладан сўнг қарийб бир ярим миллион киши бошпанасиз қолган.